Тошкентда хатолик туфайли провайдердан қарздорликка кириб қолган истеъмолчига бир ойлик бепул интернет тақдим этилди. Бу ҳақда Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳида маълум қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мурожаат қилган истеъмолчи инспекция томонидан берилган жавоб мактубини илова қилган.
Унда ёзилишича, Buzton интернет провайдерининг мижози бўлган истеъмолчи тариф режасини ўзгартирганда автоматик режимда Local хизмати ёқилиб қолган, натижада у томонидан ишлатилган барча интернет трафиги ташқи ресурслар сифатида қабул қилинган. Ушбу хизмат ёқилиб қолиши натижасида 5,2 Гигабайт трафик истеъмолчи ҳисобига ёзиб юборилган ва бу провайдердан 24,65 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликни келтириб чиқарган.
Провайдернинг биллинг тизимига тузатиш киритилгач, Buzton МЧЖ қўшма корхонаси зарарни қоплаш сифатида жорий йилнинг апрель ойида интернетдан бепул фойдаланишни таклиф қилган ва истеъмолчи бунга ижобий жавоб қайтарган.
Истеъмолчи ушбу муассасага мурожаат қилишда айнан гуруҳ аъзоларининг маслаҳатлари асқотганини қайд этган. Фойдаланувчилар провайдерлар билан муаммо чиққанда тегишли муассасаларга мурожаат қилишда фаолроқ бўлишга чақирилган.
Изоҳ (0)