Баҳорги умра зиёратида жами 5350 нафар ўзбекистонликларнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 25 та чартер рейсида сафарлари ташкил этилди, дея хабар бермоқда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 107 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 27 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатди. Зиёратчиларга сафардан олдин давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, «Умра» қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланган. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида «Масжиди набавий»дан 150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли «Фейруз ал-Хайр» меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса «Харам масжиди»дан 2000 метр узоқликдаги «Совфат ал-Мияъд» меҳмонхонаси хизмат кўрсатди.
Жорий йилнинг 6 июлидан 20 июлига қадар Умра сафарининг иккинчи босқичи ташкил этилади. Унда 670 нафар фуқароларни Рамазон ойида зиёратларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)