«Ёшлар» телерадиоканали буюртмасига биноан «Ўзбектелефильм» Давлат унитар корхонаси томонидан 20 қисмдан иборат «Меҳмонхона» (Hotel) номли телесериал суратга олинмоқда. Бу ҳақда «Popcorn.uz» хабар бермоқда.
Сериал режиссёри Акром Исаковнинг маълум қилишича, суратга олиш ишларининг 90 фоизи амалга оширилиб, якуний қисмлари қолган. Бир вақтда монтаж ишлари ҳам бошлаб юборилган.
«Бу сценарийнинг ғояси ҳақида 2 йил аввал ўйлагандим, аммо вақти-соати келгач, Барно Абдурашидова ҳамда Носир Боймирзаев билан ҳамкорликда сценарий ёздик, – деди режиссёр.
Мазкур телесериалда ноанъанавий, ўткир сюжетли, тарбиявий аҳамиятга эга мавзулар, хусусан, нафс, бойлик, оқибат, дўстлик, манфаат, мансаб, ҳукмдорлик ҳиси, шунингдек, оилавий муносабатлар кўрсатилган.
Сериалда Ёқуб Аҳмедов, Бобур Йўлдошев, Гавҳар Зокирова, Адиз Ражабов, Раъно Шодиева, Шодия Тўхтаева, Шаҳзода Матчонова, Гулчеҳра Эшонқулова, Эркин Комилов, Тоҳир Саидов, Хайрулла Саъдиев, Анвар Картаев сингари актёрлар рол ижро этган.
Кийимлар бўйича дизайнер Ситора Атаҳонова ҳар бир актёрнинг ташқи кўринишига, пардозидан тортиб, сочи ва либосларининг деталларигача жавобгар бўлди».
Дилбар Зиёдова бош муҳаррирлик қилаётган бўлса, Дилмурод Қамбаров иккинчи режиссёр, Умида Ирматова постановкачи рассом вазифасини бажармоқда. Композитор – Игорь Пинхасов, компьютер графикаси бўйича мутахассис – Шуҳрат Асаев.
Изоҳ (0)