Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган халқаро кузатувчилар сайлов халқаро нормалар ва демократик тамойиллар асосида ўтаётганини таъкидламоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Игорь Борковский, МДҲ кузатувчилари миссияси аъзоси:
«Қорақалпоғистон Республикасига биринчи марта келишим. Бу ерда ҳам сайловга қизғин тайёргарлик кўрилган. Қайси участкада бўлмайин, сайловчиларнинг фаоллигини кўрмоқдаман. Айниқса, овоз бераётганлар орасида ёшлар кўпчилик экани уларнинг мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигидан далолат беради».
Евгения Махмутова, халқаро кузатувчи (Россия):
«Навоий вилоятида эрта тонгдан бошланган сиёсий жараёнларни кузатиб, участка сайлов комиссияларининг тайёргарлиги, сайловчиларнинг кайфияти кўтаринкилиги, айниқса, биринчи марта овоз бераётган ёшлардаги ўзгача қизиқиш ва ҳаяжонни кўрдим. Энг муҳими, сайлов очиқ-ошкора, яширин овоз бериш йўли билан ўтмоқда. Ҳар ким ўзи муносиб деб билган номзодни сайламоқда. Бу халқаро талабларга тўла мос келади ва ҳеч қандай шубҳали ҳолатларни учратмадим.
Илк марта сайловда иштирок этаётган ёшларнинг ушбу сиёсий тадбир мамлакат тақдири учун нақадар муҳим экани хусусидаги фикрларини эшитиб, уларнинг билими, масъулиятни ҳис этиши, энг муҳими, юз-кўзида уфуриб турган ишонч ва қатъиятдан жуда ҳайратландим».
Изоҳ (0)