Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида халқ санъати бўйича бўлиб ўтган «Живой Родник» номли VI халқаро танлов-фестивалда 15 нафар ўзбекистонлик мусиқачилар муносиб иштирок этиб қайтди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.
Жорий йилнинг 21−22 март кунлари бўлиб ўтган мазкур халқаро танловда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ёш ижрочилар ўзларининг маҳоратларини намойиш этдилар. Ундан кўзланган асосий мақсад болалар, ўсмирлар ва ёшлар орасида иқтидорларни эътироф этиш, уларни халқ санъатининг энг яхши намуналари билан таништириш ва миллий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Танлов икки босқичда ташкил этилган бўлиб, ёш тоифасига қараб ўқувчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда беллашдилар. Улар яккахон, фолклор этнографик жамоалар, академик хонандалик, вокал хорография, чолғучилик ва вокал чолғу ансамбллари, хор, фолклор жамоалар, ансамбл ва оркестрларга бўлинган ҳолда мусобақалашди.
Халқаро танлов натижаларига кўра ўзбекистонлик ўқувчиларнинг 10 нафари биринчи ўрин билан юртимизга қайтди. Икки нафар иштирокчи эса жўрнавозлик йўналишида диплом билан тақдирланди.
Маълумот учун, 2009−2014 йиллар мобайнида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 472 нафар истеъдодли ўқувчилари Италия, Франция, Германия, Австрия, Япония, Руминия, Португалия, Россия ва бошқа давлатларда ўтказилган турли нуфузли халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритдилар.
Изоҳ (0)