Буюк Британия ташқи ишлар вазири Филип Хэммонд Россиядан Қримни Украинага қайтариб беришни талаб қилди. Бу ҳақда у ярим оролнинг РФ таркибига кирганига бир йил тўлиши муносабати билан эълон қилган расмий баёнотида айтиб ўтди.
«Қримнинг Россия томонидан ноқонуний равишда босиб олиниши халқаро қонунчиликнинг қўпол тарзда бузилишидир. У Украина ҳуқуқлари, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бутунлай менсимасликни кўрсатиб берди. Россиянинг чегараларни ўзгартириш учун куч ишлатиши бутунлай номақбулдир», — дея таъкидлади Хэммонд.
Вазир сўзларига кўра, Буюк Британия Қримда бўлиб ўтган референдумни тан олмайди. У «Қримнинг босиб олиниши 2014 йил мартида ноқонуний бўлгани ва 2015 йил мартида ҳам ноқонуний бўлиб қолиши»ни айтди. «Россия Қримни Украинага қайтариб бериши керак», — деди Британия ташқи ишлар вазири.
Изоҳ (0)