Норманд ороллари таркибига кирувчи энг йирик – Жерси оролида The Polar Capital деб номланган шахмат фестивали ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Jersey International Chess Tournament мусобақасида ўзбекистонлик Жаҳонгир Воҳидов (2508) ҳам муваффақиятли иштирок этяпти. Учинчи рақам остида таснифланган Воҳидов ҳозирча ўтказилган 8 та партиядан сўнг 6,5 очко жамғариб, турнир жадвалида якка пешқадамлик қиляпти.
Самарқандлик ёш гроссмейстер кеча бир йўла 2 та партияда дона сурди. У аввалига 7-тур баҳсида қора доналарда англиялик гроссмейстер Марк Эбден билан дуранг ўйнади. Кейин эса 8-турда литвалик Эдуардис Розенталисни мот қилди. Розенталис халқаро гроссмейстер бўлиб, рейтингда Воҳидовдан юқорида турганди. Боз устига ҳамюртимиз кучли рақибини қора доналарда мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.
Бугун халқаро турнирда сўнгги 9-тур учрашувлари ўтказилади. Камида дуранг натижа Жаҳонгир Воҳидовга ушбу мусобақа ғолиблигини тақдим этади. Бугун истеъдодли шахматчимиз оқ доналарда англиялик Жованка Хьюзкага қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, швейсарча тизимда 9 та турдан иборат турнирда жами 24 нафар шахматчи ўз имкониятини синовдан ўтказяпти. Мусобақада ғолиб чиққан шахматчига 1,5 минг евро мукофот пули тақдим этилади.
Изоҳ (0)