Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида давом этаётган Осиё чемпионати гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашувни ўтказди, деб хабар беради «Olamsport.com».
Бундан аввалги 3 та ўйинда бир ғалаба ва икки мағлубият қайд этган Ўзбекистоннинг қўл тўпи усталари 19 март куни мезбон давлат терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси 73:6 ҳисобидаги йирик ғалабани тантана қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида аввалига Хитой терма жамоасига 25:42, кейин эса қозоғистонлик дугоналарига 23:40 ҳисобида имкониятни бой берганди. Учинчи турга келиб, Гонконг терма жамоаси 35:16 ҳисобида мағлуб этилган эди.
Маълумот ўрнида, Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига 3,5 та ўрин ажратилган бўлиб, совринли учликдан жой олган терма жамоалар тўғридан-тўғри ЖЧ-2015 йўлланмасига эга бўлади. Бронза медали учун баҳсда мағлуб бўлган терма жамоа эса плей-оффда бошқа қитъа жамоаси билан йўлланма тақдирини ҳал қилади. Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси бу йўлланмалар учун энди кураша олмайди.
Изоҳ (0)