Гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида давом этаётган Осиё чемпионатида яна мағлубият аламини тотиб кўрди. 24 мартга қадар давом этадиган қитъа чемпионати шу йилнинг декабрь ойида Данияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтаб бериши билан аҳамиятлидир, деб хабар беради «Olamsport.com».
Кеча, 15 март куни Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионати гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйинини Қозоғистон вакилаларига қарши ўтказиб, 23:40 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ўзбекистоннинг қўл тўпи вакилалари дастлабки учрашувда Хитой терма жамоасига 17 та тўп фарқи билан 25:42 ҳисобида ютқазган эди.
POPKI Sport Hall аренасида бўлиб ўтган кечаги ўйинда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси таркибида Екатерина Халимуратова энг кўп 6 та голга муаллифлик қилди. Қозоғистон терма жамоасида эса Олга Танкина 9 та гол киритишга муваффақ бўлди.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда Хитой терма жамоаси Гонконгдан 42:12 ҳисобида устун келди. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига 3,5 та ўрин ажратилган бўлиб, совринли учликдан жой олган терма жамоалар тўғридан-тўғри ЖЧ-2015 йўлланмасига эга бўлади. Бронза медали учун баҳсда мағлуб бўлган терма жамоа эса плей-оффда бошқа қитъа жамоаси билан йўлланма тақдирини ҳал қилади.
Изоҳ (0)