2010 йил Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланган 112 ёшли Юсупова Пошша момо ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Қилчиноқ овулида истиқомат қилмоқда, деб хабар беради «Суғдиёна» газетаси.
«Олти нафар фарзанднинг онаси бўлган момо 100 нафардан зиёд чевара, 100 нафарга яқин эвара ва 20 га яқин дуборалар роҳат-фароғатини кўриб яшамоқда», – дейилади манбада. Қайд этилишича, момонинг турмуш ўртоғи Кенжа бобо бир умр қишлоқда чўпонлик қилиб, 93 ёшида вафот этган.
Ҳалигача қўлига ҳасса тутмаган, кўзлари равшан, гапга сола билсанг, сўзлари бурро-бурро чиқадиган момони ҳеч ким 100 дан ошган демайди. 80 ёшли ўғил Досчан ота момонинг соғлиғи ҳақида шикоят қилганини эслай олмаслигини, Пошша момони бирор марта шифокорга олиб бормаганликларини қайд этди.
Пошша момо бундай узоқ умр яшашнинг сири ҳалол меҳнат қилиш, кўп меҳнат ва ҳаракатда бўлишда эканлигини айтди. «Мен ҳали жуда тетикман, ‘бегона’мни ҳам кўришни истайман», – деди момо.
Изоҳ (0)