Миллий хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан «Сариосиё» чегара божхона комплексида ўтказилган тезкор тадбир давомида божхона чегараси орқали йирик миқдордаги кимёвий моддаларнинг ноқонуний транзитига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси расмий сайти.
Туркиядан Тожикистон Республикасига ҳаракатланаётган «Мерседес-Бенс» русумли транзит автомашинаси кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 20 тонна 850 кг олтингугурт кислотаси ва 2 тонна 400 кг чумоли кислотаси борлиги аниқланди. Туркия компанияларидан бири томонидан Душанбе шаҳридаги «Тожикчарм» қўшма корхонасига юборилган ушбу юк Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги № 293 ва 2002 йил 21 февралдаги 62-сонли Қарорлари талабларини бузган ҳолда мамлакатимиз ҳудуди орқали транзит ўтказиш учун махсус рухсатномасиз олиб ўтилаётганлиги маълум бўлди. Асосан саноатда фойдаланиладиган ушбу юкнинг хавфли томони шундаки, у наркотик воситалари ва психотроп моддаларини тайёрлаш ҳамда қайта ишлашда прекурсор, яъни кимёвий унсур сифатида ишлатилиши мумкин.
Туркиядан Тожикистонга қараб йўл олган мазкур автотранспорт воситаси автосканердан ўтказилганда ундаги юклар шубҳали кўринганлиги билан божхоначиларнинг диққатини тортди. Чуқурлаштирилган божхона кўриги ўтказиш мақсадида автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказиш майдончасига олиб келинди. Юк кузатув ҳужжатларига асосан автотранспорт воситаси олтингугурт ва чумоли кислотаси юкланганлиги кўрсатилган. Мазкур моддаларни текшириб кўриш мақсадида намуналар олинди ва тегишли хулосалар олингунга қадар ушбу транспорт воситаси божхона ҳудудида вақтинча сақланади.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда
Изоҳ (0)