Тошкент шаҳридаги «Шодлик Палас» меҳмонхонасида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир давом этмоқда. Бу йил ўз тарихида 9-маротаба ўтказилаётган мусобақада кеча, 12 март куни 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Olamsport.com.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Алексей Барсов, Улуғбек Тиллаев, Тимур Игонин, Баҳодир Холмирзаев, Бобир Сатторов, Никита Хорошев, Шамсиддин Воҳидов, Ортиқ Ниғматов ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова кетма-кет иккинчи ғалабаларини тантана қилди.
Рейтинги энг юқори гроссмейстеримиз Марат Жумаев эса кеча кутилмаганда Ортиқ Ниғматовга имкониятни бой бериб қўйди. Ёш бўлишига қарамай, ушбу халқаро хотира турнирида иштирок этаётган ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдоров бу турда мағлубият аламини тотиб кўрди.
Ғолиблик учун асосий даъвогар ҳисобланган ва рейтинги 2600 дан юқори бўлган арманистонлик Тигран Петросян, россияликлар Владислав Артемиев ва Сергей Волков, озарбайжонлик Элтаж Сафарли, беларуслик Алексей Александров, франциялик Владислав Ткачев ҳам 100 фоизлик натижа қайд этиб турибди.
Жами 76 нафар шахматчи қатнашадиган халқаро хотира турнирининг умумий мукофот жамғармаси 20 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ғолиб шахматчи 4 минг долларга эга бўлади. Кучли учликдан жой олган шахматчиларга мос равишда 3 ва 2 минг доллар мукофот пули тақдим этилади.
Изоҳ (0)