10 март оқшомида вафот этган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг жаноза маросими 11 март куни «Шайх Зайниддин» жоме’ масжидида ўтказилгани ва унда тахминан 200 000 одам йиғилгани хабар берилган эди.
Жаноза вақтида одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиб, қолганларга ноқулайлик туғдирган кишилар кескин танқидга учради. Жумладан, «Sayyod.com» сайтида жаноза вақтида одамларнинг ўзини тутиши танқид остига олинган.
«Миллатимиз фахри, дин уламосининг вафоти мусулмон халқининг қалбини ларзага солди. Инсон ўлганида тобути талаш бўлиши шараф эканлиги ҳақида кўп эшитамиз. Бироқ, жанозадан қайтган кўпгина одамларнинг эътирозига одамларнинг аксарияти тартиб сақлай олмаслиги-ю, нафақат қарияларга, балки майитга ҳам ҳурматини намоён қила олмаслиги сабаб бўлди», − деб ёзади блоггер.
Фикрлар муаллифининг сўзларига кўра, жанозага машҳур инсонлар келади деган гаплар тарқалгач, жанозага қатнашганлар орасида айнан томоша истаб келганлар сони кўпайган ва айнан шу томошаталаблар марҳумни сўнгги манзилга кузатгани ташриф буюрганларга халал берган.
Сайтда келтирилган видеолавҳада тўпланган одамлар тартибсиз ҳаракат қилиб, тобутни тўғри йўналишда олиб ўтишга халал бергани, имом эса уларни тинчлантиришга уриниб, майитга озор бермасликни илтимос қилгани акс этган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бошқа видеолавҳаларда эса баъзи одамлар қабристонда бақир-чақир қилиб, бошқаларни туртиб ҳаракатлангани ва қабрларни босиб ташлагани тасвирланган.
«Маданиятимиз қай аҳволда? Тобутни кўтариб бир-икки қадам босиш ниятида аслида худбинлик ила савобни ўйладикми ё қалбимиз йиғлаб хайрлашиш учун интилдикми? Жанозада иштирок этганлар шу ҳақида ўйлаб кўрсинчи. Бу буюк инсон бизларга нималарни ўргатганди ўзи? Шундан кўра, ўзингга савоб истаб майитга беҳурматликда қатнашгандан кўра, уйингда чин дилдан дуо қилиб қўйсанг етарли эмасмиди? Ижтимоий тармоқларда тобут билан селфи қилганларга нима дейсиз? Бу ҳам тобути талаш бўлиш ва жанозада қатнашмоқ савобига кирармикан?», − дейди муаллиф.
«Инсонларга илм тарқатиб, бениҳоя улуғ ўгитлар билан бўлишган одамнинг ўлимидан кейинги бу ҳолат эса устознинг бераётган дарслари давоми сифатида ибрат бўлиб аҳли мусулмонга фаросат, тартиб ва ҳурмат учун яхшигина дарслик ўтаса ажабмас!», − деб ёзади блоггер.
Ижтимоий тармоқларда ҳам кўпчилик одамларнинг ўзини тутиши танқид қилинган. Хусусан, Facebook’даги «Признавайся, Uzbekistan» саҳифасида ёзилишича, жанозадан томошани устун қўйганлар ўзини ўта маданиятсиз тутган ҳамда бошқаларга халал берган.
«Одамларнинг кўпчилиги томошага келгандай гўё. Қўлидаги буюм қули бўлган айрим шахслар тумонат халойиқни видео ва суратга олиш билан овора. Айримлар деворларга чиқиб кетишди, баъзилар қабристон дарвозаларига маймунлар каби чирмашиб олишди. Имом эса микрофондан тинмай одоб сақлашни илтимос қилар эди. Саф охирида турганим учун ҳазрат қабрига бир ҳовуч тупроқ ташлаш ниятида қабристон тарафга юрарканман, одамларнинг ур-сурига, масжид ва қабристон олдида беҳаё сўзларни айтиб сўкинишларига гувоҳ бўлдим. Қабристон ичкариси минглаб одамга лиқ тўла эди. Бақир-чақир, ур-йиқит, ким кулган, ким уни суратга олган. Айримларнинг ёзишича, яхшироқ ракурс қидириб ҳатто дарахтга чиқиб видео олишган», − деб ёзган фойдаланувчи.
Изоҳ (0)