Халқ таълими вазирлиги томонидан Сурхондарё вилоятида мактаб ўқувчилари учун спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида хабар берилди.
2015-2016-ўқув йилидан бошлаб Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 20-сонли умумтаълим мактаби негизида ташкил этилаётган мазкур мактаб-интернатнинг мақсади иқтидорли ёшларни миллий кураш билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ҳамда шу асосда мамлакат терма жамоалари учун ишончли захирани шакллантиришга қаратилган.
Мактабдан ташқари таълим муассасаси ҳисобланган ушбу даргоҳнинг умумий контингенти 100 нафар 5-9-синф ўқувчиларидан ташкил этилиб, спорт мактабларида дастлабки тайёргарликдан ўтган, миллий кураш билан шуғулланишда зарур спорт кўникмасига эга бўлган, умумтаълим мактабининг 4-синфини тугатган (10-11 ёш) ва танлов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қабул қилинади.
Мактаб-интернатга ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчи 5-синфга қабул қилиниб, малакали мураббийлардан миллий кураш сирларини ўрганади. Мазкур мактаб-интернат ўқувчилари умумтаълим фанларини муассасага яқин атрофда жойлашган мактабларда ўрганади.
Ҳозирда ҳамкор ташкилот ва идоралар билан мазкур мактаб-интернатнинг низоми, ўқув-машғулотлар режаси, ўқувчиларни танлаб олиш тартиби бўйича низом ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)