Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги «2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида Наманган вилоятида 2013-2018 йилларда 84 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўтган йили Наманган, Янгиқўрғон, Норин туманларида шундай марказлар фойдаланишга топширилди ва улар аҳолининг бўш вақти мазмунли ўтиши, маданий ҳордиқ чиқариши, халқ ижодиёти, бадиий ҳаваскорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Поп тумани Янгиобод қишлоғида 484 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. Марказда халқ ижодиётини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, профессионал ва ҳаваскор бадиий жамоалар, айниқса, ёшларнинг самарали ижод қилиши, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилди. Концерт зали, миллий созандалик ва хонандалик тўгараклари зарур жиҳоз ва асбоблар билан таъминланди.
Вилоят ва туман санъаткорлари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастури тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Изоҳ (0)