Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири А. Абдуҳакимовнинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Ин билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистонга KOICA вице-президенти Ким Ин бошчилигида ташриф буюрган делегация аъзолари пойтахтнинг Сергели туманида жойлашган касб-ҳунар маркази фаолияти билан танишди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири ва KOICA вице-президенти музокаралари чоғида икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар, жумладан, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ҳам касб-ҳунар марказларини барпо этиш ҳақида сўз юритилди.
Вазир KOICA вице-президентига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, айни йўналишдаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини ҳамда касб-ҳунар марказларини келажакда Қўқон ва Урганч шаҳарларида барпо этиш, шу билан республика бўйича улар сонини бештага етказиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги лойиҳа кўламини кенгайтириш лозимлиги ҳақида ҳам фикр юритилди.
KOICA вице-президентининг таъкидлашича, Корея ҳукумати юқори малакали мутахассислар тарбиялаш мақсадида касбий таълим йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиради.
Ташриф давомида делегация аъзолари марказ ўқув хоналарини кўздан кечирди ҳамда ўқув жараёни ва марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ташриф ниҳоясида KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Ким Ин касб-ҳунар марказларини барпо этиш борасида меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан ҳамкорлик истиқболли эканлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)