«Чирчиқ-Оҳангарон» ирригация тизимлари ва ҳавза бошқармасидан маълум қилишларича, Тошкент вилоятида ўтган йили ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, экин майдонларига сув чиқариш ва суғоришга ихтисослашган объектларни таъмирлашга 10 миллиард 440 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Хусусан, Пискент туманидаги Туябўғиз каналининг чап ирмоғида жойлашган сув чиқариш иншооти ва 2,597 километр назорат йўли реконструкция қилинган. Чиноз туманида «Охунбобоев» насос станциясидаги босимли қувур қайта тикланган. Паркент магистрал каналида ўпирилиш ҳолатлари кузатилган ва нисбатан хавфли бўлган айрим участкалар бетонланган. Шу сингари қурилиш-реконструкция ишларининг сифатли бажарилиши бир қатор суғориладиган экин майдонларида сув таъминотини яхшилаш, қарийб 5 миллион метр/куб сувни тежаш имконини берган.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Зангиота туманидаги «Жун» ва Чиноз туманидаги Р-17 каналлари, Пискент туманида «Учтепа», Бекобод туманида К-2-4 насос станциялари қувурлари қайта тикланмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, мелиорация тадбирларининг сифатли бажарилиши тупроқда экинларни етиштириш учун қулай бўлган сув ва ҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ҳамда ҳаракатини ўзгартириш имконини беради. Натижада янги ерлар ўзлаштирилиб, экин майдонлари кенгаяди, ернинг унумдорлиги ортиб, ҳосилдорлик ошади, маҳсулот сифати яхшиланади. Мухтасар айтганда, мелиорация тадбирлари ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бирга айрим экологик муаммоларни ҳам ижобий ҳал этади.
«2013–2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастур асосида 42 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган, – деди «Чирчиқ-Оҳангарон» ирригация тизимлари ва ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов. – Ўтган йилларда ушбу лойиҳаларнинг 20 таси бажарилди. Натижада 27 минг 673 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Жорий йилда 23,2 километр узунликдаги коллекторларни реконструкция қилиш, икки иншоот, 10 мелиоратив тик ва 53 кузатув қудуғини қуриш, 745,3 километр узунликдаги коллекторларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади».
Вилоятда томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа технологияларни кенг жорий этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2013 йилда 257 гектар майдонга шундай тизим жорий этилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 360 гектарга етган.
Изоҳ (0)