«Туркистон» саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар 6 март куни Тошкентдаги ҳуррият, порлоқ истиқбол ва эзгу ниятлар рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Академик V. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг кардиохирургия мажмуаси, Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган Республика олимпия захираси спорт мактаби, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги «Хончорбоғ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги аёллар маслаҳат маркази фаолияти мисолида мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини муҳофазалаш, қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, болалар спортини ривожлантириш, хотин-қизларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш борасидаги эзгу ишлар билан атрофлича танишди.
«Туркистон» саройида шу куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, ижтимоий-иқтисодий, илм-фан, маданий-маърифий соҳаларда меҳнат қилаётган фидойи аёллар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Tantaнали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди.
Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатни модернизациялаш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил 3 мартдаги қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2015 йилги соҳибалари эълон қилинди. Тадбирда мазкур мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С. Саййид, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б. Ғаниев ва бошқалар хотин-қизларни байрам билан қутлаб, мамлакатда аёл зотини улуғлаш, хотин-қизларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш борасидаги эзгу ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Кечада санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.
Изоҳ (0)