ЎФФ анжуманлар залида 2014 йилнинг энг яхшиларини аниқлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Тадбирни Ўзбекистон Футбол Федерациясининг биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Сардор Раҳматуллаев сўз навбатини Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмоновга берди.
«Сўнгги йилларда юртимизда ҳукумат томонидан футболга катта аҳамият қаратилмоқда», − дея гап бошлади Мираброр Усмонов.
«Бу эътиборнинг натижаси ўлароқ 12 та янги стадион, 12 та болалар футбол мактаблари, академиялар қуриб битказилди. Асосий ютуғимиз − юртимизнинг ҳар бир бурчагида болалар учун футбол майдончалари яратилди ва футбол оммалашиб бормоқда.
Шунингдек, 14 та ҳудудий футбол федерациясиялари ташкил этилди. Улар биз кутган натижани беряпти. Уларнинг ишини янада яхшилаш устида иш олиб бормоқдамз.
Хабарингиз бор, яқинда Марказий Осиё футбол конфедерацияси ташкил этилди. Бу конфедерация айнан Ўзбекистонда бўлади», − дейди Мираброр Зуфарович.
Ўзбекистон футбол федерацияси президенти ўз чиқишида миллий футболимизнинг оғриқли нуқтаси бўлган келишилган ўйинлар борасида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Биз келишилган ўйинларга қарши курашяпмиз. Тан олиш керак, бундай ўйинлар бизда бор. Келишилган ўйинларга алоқадор бўлганлар футболдан буткул четлатилади», − дейди федерация президенти.
Изоҳ (0)