Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 3 март куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссиясининг раиси Ш.Маматқулов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Тошматов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда маҳаллий хомашё ва материалларни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш, улар томонидан ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, бу борада имтиёзли кредитлаш тизими самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қишлоқ жойларда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти устидан давлат назоратини кучайтириш муҳим вазифа сифатида қайд этилган.
Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё тумани кенгаши раиси Маҳмуд Аҳмедов, «Нуроний» жамғармаси Сайхунобод тумани бўлими раҳбари Ҳамид Маматқулов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бўлажак сайловлар Конституциямиз ва миллий қонунчилигимиз талаблари асосида, умумеътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётгани мамлакатимиз сайлов тизимида демократик тамойилларга қатъий амал қилинаётганидан далолат эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)