Тошкент шаҳар Чилонзор туман прокуратураси терговчисининг маълум қилишича, фирибгарлик ҳунари орқасидан бир неча бор қора курсига ўтирган шахс укасини Жанубий Кореяга юборишга ҳаракат қилаётган фуқаро билан танишиб қолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетасида хабар берилди.
Фуқаронинг ҳужжатларни тўғрилашда муаммоларга дуч келаётгани ҳақида нолиганидан фойдаланган фирибгар унинг ишончига кириб, меҳнат миграцияси агентлигида таниши борлиги, ёрдам бера олиши, фақат бу ёрдам «қуруқ» эмаслигини айтади. Фуқаро эса ҳеч иккиланмай таклифни қабул қилади ва фирибгарга 1500 АҚШ долларини тутқазади.
Шундан сўнг, фуқаро ўзининг яна икки танишини ҳам Кореяга жўнатиш мақсадида фирибгарга ҳар бири учун сўралган 4000 АҚШ долларидан жами 8000 АҚШ долларини беради.
Орадан вақт ўтиб, Жанубий Кореяга борадиганларнинг рўйхати эълон қилинганида, фуқаро у ердан укасининг ҳам, танишларининг ҳам исм-фамилиясини топа олмайди. Фирибгар билан боғланиб, изоҳ талаб қилганида эса у турли баҳоналар билан тутқич бермайди.
Алданганини тушуниб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган фуқаро аризаси асосида тезкор ҳаракатлар олиб борилиб, фирибгар қўлга олинди. У жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан қонуний жазога тортилди.
Изоҳ (0)