Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни лэгаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Сирдарё вилояти Боёвут туман бўлими ходимлари томонидан бир фуқаро аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда тумандаги маҳаллалардан бирининг раиси бўлган шахснинг жиноий қилмиши фош этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, юқорида қайд этилган фуқаро яшаб келаётган уй-жойининг кадастр ҳужжатларини олмаганлигини билган раис уни уй-жойни маҳалла балансига олиб қўйиш билан қўрқитган. Гап орасида уй-жойни ўзида қолдириш ҳамда тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам бериши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган. Бунинг эвазига эса фуқародан 12 миллион сўм талаб қилган.
Раис талаб қилинган пора миқдоридан 5 миллион сўмини келишилган жойда олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланди. Суд томонидан товламачи раисга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.
Изоҳ (0)