Ўзбекистондаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига кирмоқчи бўлган абитуриентнинг опасидан 40 минг доллар сўралди, дея хабар бермоқда «Адолат кўзгуси» газетасига таяниб «Kun.uz».
Маълум бўлишича, аёл ўзининг абитуриент укаси ўқишга кириши осон бўлиши учун «таниш-билиш», «танка» топишга ҳаракат қилган ва, газетада ёзилишича, «ҳар йили абитуриентларни турли институтларга киритиш билан тирикчилик қилувчи» шахсни топган.
«Институтларнинг нархи ҳар хил. Сиз айтаётганингиз эса жудаям қиммат. Камида 40 минг доллар беришингиз керак», – деган воситачи шахс. Хабарда аёл ўз укасини қайси ОТМга олиб кирмоқчи бўлгани маълум қилинмаган.
Икки томон бир тўхтамга келиб, пулни олди-берди қилиш учун маълум бир вақтни келишган. Бироқ аёл воситачида шубҳаланиб, бу ҳолат ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Тошкент шаҳар бошқармасига мурожаат қилган.
«Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида [vositachi shaxs] аёлдан унинг укасини олий ўқув юртларидан бирига ўқишга киритиш масаласини ҳал қилиб бериш ваъдаси билан 40 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди», – дейилади газета хабарида.
Қайд этилишича, суд томонидан воситачи шахсга 10,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Хабарда воситачи шахс бунгача қанча абитуриент қанча ҳақ эвазига қайси ОТМларга киритиб қўйганига аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)