2015 йилнинг 24–28 февраль кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича анъанавий тарзда ўтказилиб келинадиган «Странжа» халқаро турнири ўтказилмоқда, деб хабар беради «Stadion.uz».
Кеча, 24 февраль куни 66-бор ташкил этилган мазкур халқаро турнирга старт берилди. Бу йилги мусобақаларда 34 давлатдан 244 нафар чарм қўлқоп устаси (173 нафари эркак – 71 нафари хотин-қизлар) ғолиблик учун баҳс юритади.
Биринчи кун бўлиб ўтган мусобақада Ўзбекистондан Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) болгариялик Здравко Михайловни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Вазни 56 килограммгача бўлган боксчилар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали спортчи Муроджон Аҳмадалиев ҳам ўзининг илк жангида Жафар Абдулридха (Ироқ) устидан йирик 3:0 ҳисобида зафар қучди.
Дастлабки кун бўлиб ўтган баҳсларда рингга кўтарилган яна бир ўзбекистонлик Исроил Мадримов (-69 кг) ирландиялик рақиби Адам Ноланга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва учрашувни 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, олтин медаллар учун курашни давом эттирмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган мусобақада баҳсларга киришган Ёдгорой Мирзаева (-60 кг) ўта муросасиз кечган жангда хитойлик Жунха Юнга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш мақсадида жами 12 нафар чарм қўлқоп устаси София шаҳрига йўл олган. Булар: Муборак Камолова (-48 кг), Ёдгорой Мирзаева (-60 кг), Шаҳноза Низомова (-75 кг) Абдулла Қўчқоров (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Элнур Абдураимов (-60 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг), Исроил Мадримов (-69 кг), Элшод Расулов (-81 кг), Рустам Тўлаганов (-91 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг).
Изоҳ (0)