Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 19 февраль куни Сирдарё ва Тошкент вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Сирдарё вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссиясининг раиси Ш.Маматқулов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Алтмишева йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров нутқ сўзлаб, сайловчиларга ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Дастурда Ўзбекистонда ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни талаб этиши алоҳида таъкидланган. Бу борада ижтимоий тараққиёт дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, биринчи навбатда, туман ва шаҳарлар миқёсида жамоатчилик назорати юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги, ижтимоий аҳамиятга молик фуқаролик ташаббусларини ёқлаб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини янада кенгайтиришга эътибор қаратилган.
Учрашувда Сирдарё туманидаги 13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси С.Элмуродов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Д.Абдуллаева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Тошкент вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Н.Абдуллаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Толипов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирди.
Номзоднинг сайловолди дастурида ҳокимият ва жамият ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш, ҳокимиятнинг барча даражаларидаги бошқарув вакиллари ҳамда фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ва тўғридан-тўғри муносабатларни йўлга қўйиш, мамлакатимизда асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг хилма-хиллигини муштарак ҳолда сақлаш ва ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлигини янада кучайтириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Б.Қосимов, Оққўрғон туманидаги 78-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати директори Н.Ҳасанова, Оҳангарон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Д.Санақулова ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Президент сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)