Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда соғломлаштириш масалалари юзасидан кўплаб саволлар келиб тушаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда бепул соғломлаштирилиши масалалари бўйича тушунтиришлар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 13-октябрдаги «1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-кувватлашни янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4658-сонли Фармони (кейинги ўринларда – ПФ-4658) ва уни амалга ошириш юзасидан 2014 йил 24 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 361-сонли қарорига (кейинги ўринларда – ВМсининг 361-сон қарори) мувофиқ 1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар йили санаторийларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул соғломлаштирилишини ташкил этилиши, бугунги кунда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси ҳисобланади.
1. ПФ-4658 ва ВМсининг 361-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган «1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом»га (кейинги ўринларда - Низом) мувофиқ, 1941−1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, хусусан, 1941−1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва 1941−1945 йиллар уруш давридаги меҳнат фронти иштирокчилари ҳар йили санаторийларда 12 (ўн икки) кун бепул соғломлаштириш ҳуқуқига эгалар.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийларига 2015 йил учун йўлланмалар жорий йилнинг 1 мартидан (ВМсининг 361-сон қарори 4 б.), кейинги йиллар учун эса 1 январдан бошлаб, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан берилади.
2. Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши хамда «Нуроний» жамғармаси томонидан уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ва хордиқ чиқаришлари ташкил этилиши кўзда тутилган 37 та санаторий-соғломлаштириш муассасалари белгиланган. Булар Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК, «Ўзкимёсаноат» ДАК, »Ўзбекнефтегаз» МХК ва бошқа вазирлик ва идораларга қарашли энг яхши санаторийларидир.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини бепул соғломлаштирилиши кўзда тутилган санаторийлар рўйхатини шакллантиришда, фахрийларни соғломлаштириш ва хордиқ чиқаришлари учун барча қулайлик ва шароитлар яратилган санаторийларни саралаб олишга катта эътибор қаратилди.
Тасдиқланган рўйхатга киритилган санаторийлар уруш ва меҳнат фронти фахрийларини бепул соғломлаштириш учун мавжуд ўринлар фондининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда жой ажратишлари шарт.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлашитириладиган санаторийларни мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида мавжудлиги, фахрийларимизга транспорт қатновида қулайликлар яратади. Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 12 та санаторий, Навоий, Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида 5 та санаторий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 4 та санаторий, Жиззах вилоятида 3 та санаторий, Фарғона водийси вилоятларида 10 та санаторий, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 3 та санаторийлар жойлашган.
3. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилган, шу сабабли фахрийларимиз йўлланмани сотиб олиш учун маблағ сарфламайдилар (ПФ-4658 1-б.). Хусусан, ҳар бир фахрий Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан барча харажатлари қопланган бепул санаторий йўлланмаси билан таъминланади.
4. Санаторийга бориш ва қайитиш билан боғлиқ йўл ҳаражатлари фахрийнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари шаҳарлараро транспортдан (таксидан ташқари) фойдаланишда имтиёзга эгалар.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ҳамда Ҳукумат Қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда ҳар йили бир маротаба 12 кунлик санаторий соғломлаштириш курсини бепул ўтиш ҳуқуқига эгалар (Низомнинг 2-б.).
6. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари стандартга жавоб берадиган, умумий қоида бўйича, уларнинг санаторийда бўлишлари учунҳар жиҳатдан қулай бўлган ва 2 кишиликдан катта бўлмаган палаталарга жойлаштириладилар. Уруш ва меҳнат фахрийларини кузатиб келувчи шахсларга, имконият доирасида, фахрий жойлашган палатада жой берилади (Низомнинг 33-б.).
Санаторийда овқатланиш тиббий тавсиялар бўйича ташкил этилади, тиббий муолажалар эса биринчи навбатда амалга оширилади (Низомнинг 34-б.).
7. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларига йўлланмалар, унинг асосий яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилган тиббий кўрик (диспансеризация) натижалари бўйича расмийлаштириладиган санатор-курорт карта асосида ажратилади. Тиббий кўрик (диспансеризация) натижалари бўйича шифокорлар томонидан санаторияда соғломлаштиришнинг зарур йўналиши ва муддатлари бўйича аниқ тавсиялар берилади (Низомнинг 9 ва 10-б.)
8. Низомнинг 8-бандига мувофиқ, тиббиёт муассасалари бюдждетдан ташқари Пенсия жамғармасидан олинган рўйхатлар асосида, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тўлиқ тиббий кўрик (диспансеризация)дан ўтказадилар, унинг натижаларига кўра ҳар бир фаҳрий учун санаторийда соғломлаштиришнинг зарур йўналиши аниқланади.
Қоидага кўра, уруш ва меҳнат фахрийлари тиббий кўрикдан ўтиш учун тиббиёт муассасаларига, улар учун қулай бўлган вақтга таклиф этиладилар.
Тиббий кўрик (диспансеризация) натижасига кўра фахрийга санаторийда соғломлаштиришнинг зарур йўналиши кўрсатилган санатор-курорт карта берилади (Низомнинг 10-б.).
Эътибор қаратиш лозим: Санаторий-курорт карта расмийлаштирилган кундан эътиборан икки ой мобайнида амал қилади ва йўлланма олиш учун асос бўлиб ҳисобланади. Агар унинг муддати йўлланма олингунгача тугаса, бундай холаларда фахрийга қайта диспансеризация натижаларига кўра такрорий санаторий-курорт карта берилади (Низомнинг 10 б.). Бу фахрийни диспансеризациядан ўтиши ва санаторийда соғломлаштиришни бошланиши орасидаги даврда соғлиғидаги ўзгаришларни инобатга олиш мақсадида амалга оширилади.
9. Биринчидан – уруш ва меҳнат фахрийси яшаш жойидаги тиббиёт муассасида тиббий кўрикдан ўтказилади ва тегишли тавсиялар билан икки ой мобайнида амал қиладиган санатор-курорт картаси берилади.
Шундан кейин, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда cанаторийга йўлланма олиш учун белгиланган шаклга мувофиқ ариза ёзади ва яшаш жойидаги туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига йўлланади (қўшимча маълумот учун санаторий йўлланмасига қаранг). Аризага паспорт нусхаси, бепул соғломлаштириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ва тиббиёт муассаси томонидан берилган санатор-курорт картаси илова қилинади (Низомнинг 13-б.).
Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига шахсан мурожаат этишлари шарт эмас. Ҳужжатлар фахрийларнинг қариндошлари ёки бошқа ишонч билдирилган шахслар томонидан топширилиши мумкин.
Аризага мувофиқ фахрийга санаторий йўлланмаси расмийлаштирилади ва уч кун муддатда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари томонидан фахрийнинг уйига етказилади (Низомнинг 16 б.).
Эътибор қаратиш лозим: Санатор-курорт картанинг амал қилиш муддати тугамасидан эртароқ санаторий йўлланмасини олиш учун аризани беришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Акс ҳолда фахрий қайта диспансер кўригидан ўтиши ва санатор-курорт карта янгиланиши лозим бўлади.
10. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштиришни ташкил этиш тартибида фаҳрий кузатувчиси учун йўлланма олиш имконияти кўзда тутилган.
1-гуруҳ уруш ногиронларининг кузатувчисига қўшимча равишда бепул йўлланма берилади, бошқа тоифа фахрийларнинг кузатувчилари учун санаторийда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда тўлов асосида қўшимча йўлланма олиш ҳуқуқига эга бўлади. Фаҳрий кузатувчига муҳтожлиги тўғрисида йўлланма олиш учун ёзган аризасида кўрсатиб ўтиши керак (Низомнинг 3 б.).
Кузатувчига муҳтож бўлган 1-гуруҳ уруш ногирони ўзини кузатиб бораётган шахс тўғрисидаги маълумотларни (паспортининг нухсаси, ушбу шахс ногиронни амалда парвариш қилаётганлиги тўғрисидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномасини) тақдим этади (Низомнинг 13 б.).
11. Санаторийга йўлланма олиш учун уруш ва меҳнат фронти фахрийлари туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар (Низомнинг 13-б.).
- ариза
- паспорт нусхаси;
- фахрийнинг яшаш жойидаги тиббиёт муассасаси томонидан берилган санаторий-курорт картаси;
- уруш фахрийси гувоҳномаси, агарда у йўқотилган бўлса, туман мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномасини, меҳнат фронти фаҳрийлари пенсия
- жамғармасининг амалдаги пенсия қонунчилигига асосан меҳнат фронтида қатнашганлиги тўғрисидаги маълумотномаси.
12. Фахрийлар тиббий кўрсатмаларга асосан, рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган кўп тармоқли ва ихтисослашган санаторийларда улар истаган вақтда соғломлаштирилишлари мумкин. Фахрийларнинг соғломлаштирилиши учун санаториялар дислокацияси уларнинг яшаш жойларига яқин худудларда белгиланган бўлиб, бу эса уларнинг санаторийга бориб келишлари билан боғлиқ ҳаражатларни камайтириш имкониятини беради.
13. Уруш ва меҳнат фронти фахрийси саломатлигининг ҳолатига ёки бошқа асосли сабабларга кўра йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, йўлланмада кўрсатилган санаторийга келиш муддатидан камида 15 кундан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда, фахрийнинг истагини ҳисобга олган ҳолда, йўлланманинг амал қилиш муддатини кейинги чоракдан олдин бўлмаган муддатга кўчириш тўғрисида туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига хабар бериши шарт. Йўлланмада кўрсатилган муддатларни календар йил мобайнида икки мартадан ортиқ кўчиришга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий маркази томонидан фахрий истагини инобатга олган ҳолда соғломлаштирилиш муддатлари ўзгартирилиб, янги йўлланма берилади (Низомнинг 17-б.).
14. Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари агар йўлланма муддати улар соғломлаштиришни истаган даврга тўғри келмаса соғломлаштириш муддатларини кўчириш масаласи уруш ва меҳнат фронти фахрийсининг талабларини қондириш имконияти мавжудлигини инобатга олиб, якка тартибда ҳал этилади.
Ушбу масалаларни ҳал этиш мақсадида, ҳокимликлар, «Нуроний» жамғармаси, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази вакилларидан иборат комиссия тузилади (Низомнинг 25-б.).
15. Бирор бир сабаб туфайли фахрий томонидан санаторийда соғломлаштиришни ихтиёрий равишда рад этилган тақдирда йўлланма белгиланган тартибга кўра навбатда турган кейинги уруш ва меҳнат фронти фахрийсига расмийлаштирилади. Йўлланмани уруш ва меҳнат фронти фахрийси бўлмаган бошқа шахсга бериш ёки қайта расмийлаштиришга йўл қўйилмайди ва бу ўрнатилган тартибни бузиш ҳисобланади (Низомнинг 18-б.).
16. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийга келишлари ва жойлашишлари бўйича бирон бир муаммо келиб чиққан тақдирда, ҳурматли файрийларини йўлланмада кўрсатиб ўтилган телефон тартиб рақамлари орқали санаторийга яқин жойдаги туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига дарҳол мурожаат қилишларини илтимос қиламиз.
Марказ вакили мурожаат қилинган кундан бошлаб бир кундан кечикмай, фахрийларини санаторийга жойлаштириш билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этади. Ушбу мақсадларда ҳар бир туманда махсус гуруҳ тузилади (Низомнинг 26-б.).
17. Соғломлаштириш сифатини назорат қилишнинг асосий мезони бўлиб фаҳрийнинг соғломлаштириш тўғрисидаги шахсий фикр ва мулохазалари ҳисобланади. Амалдаги тартибга мувофиқ, соғломлаштирилгандан сўнг фаҳрий йўлланманинг махсус қайтариладиган талонда санаторийда соғломлаштириш сифатига баҳо беради. Агарда бу баҳо паст бўлса, фахрийларни дам олиши ва соғломлаштирилишини қониқарсиз ташкил этгани учун санаторий раҳбарига амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик чоралари кўрилади (Низомнинг 26 ва 35-б.).
Бундан ташқари, ҳар бир санаторийдаги тиббий хизмат ва фахрийларнинг дам олишини ташкил этиш сифати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мониторинг қилиб борилади (Низомнинг 41-б.).
Санаторийларга йўлланмаларни бериш жараёнининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида, тез кунларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан йўлланмалар ажратиш ва улардан фойдаланишнинг тўлиқ жараёнини он-лайн режимида кузатиб бориш имкониятини берувчи тизим жорий этилади. Мазкур тизим орқали фахрийлар ўзларининг аризаларини қайси тартибда ва кўриб чиқиш муддатларига қадар кузатиб туриш имкониятига эга бўладилар.
18. Фахрийларни санаторийларда соғломлаштириш жараёнини ташкиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига мувофиқ, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази тузилмасида ходимларининг сони 4 нафардан иборат бўлган Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш бўлинмаси ташкил этилган (ВМсининг 361-сон қарори 2 б.). Ушбу масалада юзага келадиган масалаларини тезкор хал этиш мақсадида бўлинма махсус телефон алоқаси билан таъминланган (тел. + 371 234-96-31).
Бундан ташқари, юзага келган муаммо ва қизиқтирган саволлар бўйича худудий Меҳнат ва ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаларига ёки туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига мурожаат этишлари мумкин.
Барча таклиф ва саволларни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг www.mehnat.uz сайтига юборилиши мумкин.
Изоҳ (0)