Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Абдуғаниевич Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Акмал Холматович Саидов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Шу муносабат билан мажлисда сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегиши қарор қабул қилинди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бориши ҳақида хабардор қилди.
Таъкидланганидек, сайлов кампанияси мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуни 28-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида қарор қабул қилди.
Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўз сайловолди дастурларининг асосий қоидаларини сайловчиларнинг эътиборига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» теле- ва радиоканалларида 900 дақиқадан эфир вақти берилади.
Сайловолди ташвиқоти даврида «Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» республика даврий нашрларида 10 саҳифа нашр майдони ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, услублари ва мазмунини мустақил белгилайдилар.
Сайловолди ташвиқоти материаллари ҳудудий нашрларда ҳам эълон қилинади. Сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.
М.Абдусаломов таъкидлаганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимиз қонунчилигига тўла мувофиқ равишда сайловолди ташвиқотини ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Брифинг мобайнида тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9058 та, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилган.
Участка сайлов комиссиялари фаолиятига 90 мингга яқин киши жалб қилинган бўлиб, уларнинг 67 фоизи - соғлиқни сақлаш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаси вакиллари, 22,3 фоизи - жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, 5,3 фоизи - фермерлар, 5,4 фоизи - ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари, 6,2 фоизи иқтисодчилар. Комиссия аъзоларининг 84 фоизи сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда олдин иштирок этган. Хотин-қизлар сони эса 42,8 фоизни ташкил этади.
Брифингда сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш масалаларига, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ахборотлардан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда ҳужжатлар тақдим этган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 дан зиёд вакиллари аккредитациядан ўтказилди.
Изоҳ (0)