7 февраль куни Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа йўлининг «Фарҳод бозори»га яқин (халқ орасида «Арча кўча» деб номланадиган) қисмида BMW автомобили йирик йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзолари маълум қилган.
Суратларга берилган изоҳларда айтилишича, катта тезликда келаётган BMW йўналишларни ажратиб турувчи тўсиқ устига чиқиб кетиб, иккита дарахтни синдирган, кейин эса қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган ҳамда Captiva ва бошқа бир неча машина билан тўқнашган. BMW камида тўртта автомобилга урилгани қайд этилган. Captiva ҳайдовчиси вафот этгани маълум қилинган. Кўпчилик унинг ёши 65 да эканлигини қайд этган. У воқеа жойида ёки 16-шифохонада вафот этгани айтилган.
Фойдаланувчилар ушбу йирик йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган BMW ҳайдовчисини қаттиқ танқид остига олган ва унинг муқаррар жазоланиши лозимлигини таъкидлаган. Кўпчилик йўлларга ўрнатилаётган кузатув камералари ишга тушиши билан бундай ҳолатлар камайишига умид билдирган.
Ҳодиса юзасидан расмий маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)