McDonald’s тармоғининг Япониядаги бўлими озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли 11 йилдан буён биринчи марта йилни зарар билан якунлади, деб хабар бермоқда «РБК».
Сотув ҳажмининг кескин тушиб кетишига Хитойдан келтирилган товуқ гўштининг муддати ўтгани ва маҳсулотлардан турли буюмлар чиқиши ҳолатлари сабаб бўлган. McDonald’s Holdings Co. 2013 йилдаги 43,78 миллион долларлик фойда ўрнига 2014 йилда 186,2 миллион доллар соф зарар кўрган. Даромад эса 2,21 миллиард доллардан 1,89 миллиард долларга пасайган.
2014 йил июль ойида Хитойнинг Shanghai Husi Food Co. компанияси муддати ўтган товуқ гўштини атайлаб сотгани маълум бўлгач, McDonald’s бундай гўшт ишлатилган маҳсулотлар сотувини тезда тўхтатган. Шундан кейин сотув ҳажми ойига 10 фоиздан пасая бошлаган.
2014 йил август ойида Осакада картошка-фри пакетида одам тиши чиққан. Декабрь ойида эса Фукусимада бир бола шоколадли музқаймоқ ичидан чиққан қаттиқ пластик бўлагидан жароҳатланган.
Изоҳ (0)