Соатига 8 миллионта мақоласи ўқиладиган Wikipedia очиқ энциклопедиясининг 30 минг таҳрирчиси ойига 5 ёки ундан ортиқ мақолани тузатади. Giraffedata ники остида фаолият юритадиган 51 ёшли дастурчи Браян Хендерсон эса мақолаларда учрайдиган айнан бир хатони саккиз йилдан буён тўғрилаб келмоқда, деб ёзади Meduza.
2007 йилдан буён у 47 мингдан ортиқ тузатиш киритган. Ҳар якшанба оқшомида Хендерсон ухлашдан олдин «comprised of» (ўз ичига олган, иборат) бирикмасининг нотўғри ишлатилиш ҳолатларини тузатиб чиқади. Дастлаб у махсус дастур ёрдамида ушбу жумла қатнашган янги мақолаларни топиб, солиштириб чиқади. Якунда дастур таҳрирланиши керак бўлган мақолаларни ажратиб беради. Унинг сўзларига кўра, битта хатони тузатишга 10 сония сарфлайди.
Барча таҳрирчилар ҳам унинг ишини тўғри тушунавермаган. 2009 йилда кимдир Хендерсон тузатган 30 та жумлани яна таҳрирлаб чиққан ва унинг устидан Wikipedia асосчиси Жимми Уэйлсга арз ҳам қилган, бироқ у Хендерсоннинг варианти тўғрироқ эканини эътироф этган. Хендерсон илк марта 2006 йил 14 август куни процессор ҳақидаги мақолага тузатиш киритган.
Изоҳ (0)