Самарқанддаги коллежда ўқийдиган қиз билан танишиб қолган йигит қизнинг танишлари орқали унинг сурати ва телефон рақамини олган, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Сўнгра йигит қизга тинимсиз қўнғироқ қилиб, унга уйланмоқчи эканлигини қизнинг онасига айтган. Бундан хабар топган қизнинг онаси йигитни совчи жўнатишга чақирган. Йигит ваъда бериб, кейин уни бажариш ўрнига, ўзи қизнинг уйига борган, бироқ қизнинг онасидан рад жавобини эшитган.
Йигит аёлга қизини унга бермаса, қизнинг суратини беҳаё қизлардек интернетга чиқариб юборишини айтиб таҳдид қилган. Эртасига учрашишганда йигит аёлга қизининг қайта ишланган суратларини кўрсатиб, уларни интернетга тарқатиб юбормаслик учун 500 доллар сўраган.
Бу йигитдан яхшилик чиқмаслигини тушунган аёл ариза билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Эртаси куни тезкор ходимлар йигитни 500 АҚШ долларини олаётган пайтда ашёвий далил билан қўлга олишди. Жиноят ишини кўриб чиққан суд йигитга 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)