Бутун метеорологик кузатувлар тарихида 2014 йил энг иссиқ йил бўлди, дея хабар бермоқда ТАСС Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ)га таяниб.
Дунёдаги об-ҳавони кузатиш бўйича етакчи марказлар маълумотларини умумлаштириб, ЖМТнинг Женевадаги бош қароргоҳи 2014 йилда қуруқликдаги ва денгиз юзасидаги глобал ҳарорат 1961—1990 йиллардаги давр мобайнида кузатилган 14 даражадан 0,57 даража (Цельсий бўйича) баландроқ бўлганини хулоса қилди.
Шу билан бирга, мутахассислар 2014 йилдаги об-ҳаво бошқа энг иссиқ йилларга нисбатан даражанинг бир неча юздан бир улушигагина фарқ қилишини таъкидлади. Мисол учун 2005 йилда ҳарорат ўртача қийматдан 0,54 даражага, 2010 йилда эса 0,55 даражага баландроқ бўлган.