Ўзбекистон Олий лигасида бу йил 16 та жамоа иштирок этади. Табиийки, ўйинлар сонининг ошиши Ҳакамлар қўмитасига ҳам қўшимча масъулият юклайди. Бу борада ЎФФ Ҳакамлар қўмитаси бошлиғи Ноил Лутфулин ўз фикрини билдирди, деб хабар беради «Stadion.uz».
«Дарҳақиқат, ўйинлар сонининг кўпайиши ҳакамларга талабни оширади, — деб гап бошлади Ноил Лутфулин. — Ҳозирда яна 2 нафар реферини ўтган йилги ҳакамлар сафига қўшишни мақсад қилганмиз. Эрматов ва Коваленко халқаро ўйинларни бошқаришга кетганида, ўз-ўзидан ҳакамлар тақчиллиги сезилади. Шуларни ўйлаган ҳолда ҳозирдан ҳаракатни бошлаб юборганмиз. Тез орада ҳакамлар ва назоратчилар учун имтиҳонлар бошланади. Яъни ҳакамлар ва ассистентлар жисмоний тайёргарлик бўйича синовдан ўтади.
28 нафар ҳакамимизни Туркияга юборишни режага киритганмиз. Вакилларимиз у ерда ўтказиладиган халқаро ўйинларни бошқариб, ўз тажрибаларини оширади. Ҳар бири камида 2 тадан ўйинда ишлаши учун Туркияда ўртоқлик баҳсларини ташкил қиладиган компания билан гаплашяпмиз. Маълумки, бугунги кунда Европа ва Осиёнинг кўплаб клублари айнан Туркия ва БААда ўқув-йиғин машғулотларини олиб боради. Бу ҳакамларимиз учун тайёр ўйин ва тажриба ошириш имкониятидир».
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Равшан Эрматов Австралиядан қайтганидан сўнг Туркиядаги ҳамкасблари сафига қўшилади. «Ҳакамларимиз учун 5 та босқичдан иборат семинар бор. 7—12 ва 15—20 февраль кунлари ҳам ҳакамлар ва назоратчилар учун семинар, ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади. Умуман олганда, бу йилги чемпионатимизда жами 129 нафар ҳакам ва 37 нафар назоратчи ишлайди», — дея ЎФФ Ҳакамлар қўмитаси бошлиғи фикрига якун ясади.
Изоҳ (0)