Бугун, 30 январь куни Жанубий Кореянинг «Ульсан Хёнде» клуби «Ўзбекистон футболининг қаҳрамони Сервер Жепаров билан шартнома имзоланди», дея эълон қилди. Бу ҳақда «Stadion.uz» хабар бермоқда.
Одатда, Жанубий Корея клублари хорижий йиғинга кетишдан аввал барча трансфер ишларини якунларди. Аммо ҳозирда «Ульсан Хёнде» аъзолари Таиландда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган бир вақтда клуб Сервер Жепаров ва Жанубий Корея ёшлар терма жамоаси аъзоси Ли Чанг Ёнг билан шартнома имзолади.
Бош мураббий Юн Жонг Хван «Сервер Жепаров қанотларда ҳам, марказда ҳам бирдек ҳаракатлана оладиган футболчи. Бунинг устига у жамоани ғалабаларга етаклай олади. Унинг тажрибаси жамоамизга асқотишига ишонаман», — дея ушбу келишувдан хурсандлигини яширмади.
Ўз навбатида, Сервер Жепаров: «Мен ‘Ульсан’ билан шартнома имзолаганимдан жуда хурсандман. Бу жамоа билан одатдаги мақсадим — совринларга эга чиқишни истайман. Жамоа мухлисларидан стадионимизни тўлдириб бизни қувватлашларини сўрайман», — дея фикр билдирди.
Ҳозирча «Ульсан Хёнде» Жепаров билан қанча муддатга шартнома тузилганлигини маълум қилмаган. Эслатиб ўтамиз, «Ульсан Хёнде» клуби 2014 йилги мавсумда кей-лигада 6-ўринни эгаллади. Корейс ОАВлари хабарига кўра, ўтган икки мавсумни Жанубий Кореянинг бошқа клуби «Seongnam»да ўтказган Жепаров 2 йил давомида клуби сафида 55 ўйинда майдонга тушиб, 13 та голга муаллифлик қилган ҳолда 5 та голли узатмани амалга оширган.
Изоҳ (0)