Яқинда Самарқанд шаҳрида аҳолига рақамли телевидение хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи «Sogd Telekom» хусусий корхонасида текширув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Буни қарангки, корхона директори анча вақтдан буён фаолият юритиб келган-у, хизмат кўрсатиш учун рухсатнома олишни «унутган» экан. Тегишли рухсатномасиз фаолият юритаётган хусусий корхонанинг ишлари кундан-кунга ривожлана бошлаган. Аҳоли томонидан рақамли телевидениега уланувчилар сони ҳам ортаверган.
Директор эса фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Али Қушчи кўчасида, Кимёгарлар қўрғонининг 29-даҳасида, Ҳарбийлар шаҳарчасида, Ватанпарвар маҳалласида, Фарҳод кўчасида ҳам филиаллар ташкил қилади. Шуниннгдек, Самарқанд шаҳридан ташқарида, яъни Нуробод шаҳарчасида, Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ва Бекобод шаҳрида ҳам филиаллар очиб, фаолиятини янада кенгайтиради.
Аниқланишича, 2009−2013 йиллар давомида корхонага аҳоли томонидан 935 миллион 270 минг сўмлик нақд пул тушуми тушган бўлиб, бу пуллар назорат-касса машинасидан ўтказилмаган ва банкка топширилмаган.
Бу ҳам етмагандек, у солиқ тўловларидан қочиш чораларини излай бошлайди. Шу мақсадда директор 2009−2010 йилларда 21 миллион 675 минг сўм ягона солиқ тўловини даромадни қасддан камайтириб кўрсатиш ҳисобига тўламайди. Шунингдек, 2011−2013 йиллар давомида белгиланган тартибда солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаб, корхонанинг ҳақиқий ишчилари сонини ҳисоботларда камайтириб кўрсатиб, 419 миллион 923 минг сўмлик солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлайди.
Даромадлар ортавергач, директор тушган пуллардан корхона учун 36 миллион 760 минг сўмлик техник ускуна ва жиҳозлар, жумладан, 5 миллион 954 минг сўмлик «УАЗ» русумли, 6 миллион 500 минг сўмлик «ЛЕК-45277» русумли, 8 миллион 850 минг сўмлик «ГАЗ» русумли автомашиналарни сотиб олади.
Суд томонидан корхона директори қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, корхонага қарашли мол-мулклар давлат эгалигига ўтказилди.
Изоҳ (0)