Ўзбекистонда 2015−2016 йилларда 203 та корхонадаги давлат улуши 51 фоизгача қисқартирилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш учун 2015−2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастурини шакллантириш якунланмоқда. Ушбу Дастур қуйидагиларни назарда тутади:
- тўла қувват билан ишламаётган 660 тадан кўпроқ давлат корхонасини тугатиш ва очиқ савдо орқали янги хусусий мулкдорлар тасарруфига ўтказиш;
- стратегик аҳамиятга эга бўлмаган 360 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ равишда сотиш;
- фойдаланилмаётган 400 тадан ортиқ давлат мулки объектини «нол» қиймати бўйича сотиш. Бу, ўз навбатида, қисқа муддатларда стратегик хорижий инвесторлар ва замонавий технологияларни жалб этиш имконини беради;
- хусусий инвесторларга 450 миллиард сўмлик қўшимча акцияларни фонд бозорида сотиш орқали ишлаб турган 203 та корхонадаги давлат улушини 51 фоизгача қисқартириш.
Изоҳ (0)