Президент Ислом Каримов 27 январь куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Памела Спратлендан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари элчини ушбу вазифага тайинлангани билан табриклаб, унинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.
Элчи АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини юксак баҳолади.
Учрашувда таъкидланганидек, ўзаро манфаатли ва самарали муносабатларни кенгайтириш, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун мавжуд салоҳиятни тўла ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга томонлар алоҳида аҳамият беради.
Томонлар маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларга оид масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Изоҳ (0)