11 январь куни «Мисс Исроил» унвони соҳибаси Дорон Маталон ўзининг Instagram’даги саҳифасида «Мисс Ливан» Сели Григ, шунингдек Япония ва Словения вакилалари иштирокидаги селфини чоп этди, деб хабар бермоқда Tjournal.
Фотосурат 25 январь куни Майамида бўлиб ўтадиган «Мисс Коинот» танловига тайёргарлик жараёнида туширилган. Ливаннинг Ал Жадеед телеканали Григнинг хоббилари орасида мутолаа борлигини кўрсатиб, қизга «Исроил ва Ливан душманлар эканлиги ҳақида ўқиш»ни тавсия қилган.
Ливанлик қиз ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали кечирим сўраб, Исроил вакиласи билан учрашишдан қочишга ҳаракат қилганини таъкидлаган. Бироқ Маталон Япония ва Словения вакилалари билан суратга тушаётганда, Григ ҳам уларга қўшилган. Исроиллик қиз эса кечирим сўраб ўтирмаган, аксинча, мамлакатлар орасидаги душманлик ҳеч бўлмаса шундай танловларга таъсир қилмаслиги лозимлигини таъкидлаган.
Вазиятни нозиклаштирган яна бир сабаб – «Мисс Исроил» ўз мамлакати армиясида икки йиллик ҳарбий хизматни ўтагани туфайли Ливан билан можарога бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)