Жанубий Корея терма жамоаси ҳужумчиси Нам Те Хи («Лахвия», Қатар) ОФК томонидан 4000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Футболчи 13 январь куни Жанубий Корея — Қувайт ўйинида айёрлик ишлатганлиги туфайли сариқ карточка билан жазоланган эди. Корейс футболчиси қувайтлик футболчи билан тўқнашиб кетган ва айёрона йиқилган эди. ОФК шу ўйиндаги вазият учун корейс футболчисини жаримага тортди. Нам Те Хи яна бир сариқ карточка олса, чорак финалда майдонга туша олмас эди. Ўзи шундоқ ҳам 2 нафар асосий ярим ҳимоячисини йўқотган Жанубий Корея бош мураббийи Ули Штилике Нам Те Хини Австралияга қарши ўйинга туширмади.
Хабар берилганидек, корейсларнинг Ку Жа Чол («Майнс-05», Германия) ва Ли Чунг Ёнг («Болтон», Англия) каби муҳим футболчилари жароҳатлари жиддийлиги сабаб ўз ватанига учиб кетди. Катта эҳтимол билан Нам Те Хи чорак финалда Ўзбекистонга қарши ўйинда майдонда айнан шу йўқотилган футболчилар ўрнини эгаллайди.
Изоҳ (0)