2013 йил якунида Наманган вилояти Поп туманида истиқомат қилувчи аёлнинг пенсияси тўхтаб қолди. Аввалига у буни сезмади. Лекин навбатдаги ойда почта хабарчисидан рўйхатда исм-фамилияси йўқлигини эшитгач, ҳайрон бўлди, деб қайд этди «Ҳуқуқ» газетаси.
Аёл 2014 йил 13 январь куни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Поп тумани бўлимига йўл олди. Бўлим мутахассиси ҳолатни батафсил тушунтириб, пенсия қонуний тарзда тўхтатилганини маълум қилди. Бундан хафа бўлиб, ташқарига чиққан аёл муассаса ҳовлисида турган Чодак қишлоғида яшовчи фуқарога дуч келди. Чодаклик фуқаро имтиёзли пенсия тайинлашда ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, харажати борлигини ҳам қўшиб ўтди. Нафақахўр аёл бунга ишониб, телефон рақамини ҳам қолдираётган чодаклик фуқарога ҳужжатлари билан бирга 100 минг сўм тутқазди.
Кейинги бир неча ой мобайнида нафақахўр фуқаро нажоткорининг қўлига уч маротаба 100 АҚШ долларидан тутқазди. Бироқ пенсиядан дарак бўлмади. Шу боис у 2014 йил 2 апрель куни пенсия бўлимига бориб, нафақа пулини суриштирди ва ходимлардан бўлимда чодаклик фуқаро ишламаслигини эшитиб, алданганини тушуниб етди.
Аёлнинг СВОЖЖДЛҚК департаменти Поп туман бўлимига қилган мурожаати асосида тегишли чора-тадбирлар олиб борилиб, фирибгарнинг жинояти тўлиқ исботланди. Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Поп туман судида кўрилиб, айбдор қонуний жазога маҳкум этилди.
Изоҳ (0)