16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Мажлисда маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда янги боғ ва узумзорлар барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди:
2010−2014 йиллар давомида қарийб 50 минг гектар майдонда янги боғлар, жумладан, 14 минг гектардан ортиқ майдонда интенсив боғлар, 23 минг гектарда узумзорлар яратилди. Интенсив боғлар ташкил этиш учун Польша, Сербия ва бошқа мамлакатлардан 6 миллиондан зиёд кўчат олиб келинди.Бундай боғларнинг кўплаб афзалликларга эга экани бугунги кунда амалда намоён бўлмоқда. Мисол учун, оддий мевали дарахт экилганидан бошлаб дастлабки ҳосилини бергунига қадар одатда 4-5 йил ўтади. Интенсив боғдорчиликда эса дарахт иккинчи-учинчи йилдаёқ ҳосилга киради. 2011 йилда яратилган боғларнинг ҳар гектаридан 2014 йилнинг ўзида ўртача 300 центнердан ҳосил олингани ва ҳосилдорлик йил сайин кўпайиб бораётгани буни тасдиқлайди.
Изоҳ (0)