Сирдарё вилоятидаги қишлоқ хўжалиги техника воситаларини таъмирлаш ҳамда турли эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Гулистон мотор» масъулияти чекланган жамиятида хориждан келтирилган «Логон» русумли замонавий экскаваторларни созлаш йўлга қўйилди, деб хабар беради «Халқ сўзи» газетаси.
Эътиборлиси, бунга янги ускуналар сотиб олинмаган ҳолда, яъни мавжудларига жамият муҳандислари томонидан киритилган техник ўзгартишлар натижасида эришилди.
Ана шундай изланишлар туфайли мазкур жамият фаолияти йил сайин кенгайиб бормоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу ерда ирригация-мелиорация тизими учун ҳам турли мосламалар тайёрлаш ўзлаштирилди.
«Банкнинг 100 миллион сўмлик кредити эвазига мих ишлаб чиқариш цехини ташкил қилганмиз, — деди жамият раҳбари Шуҳрат Маматов. — Унда кунига бир тоннадан зиёд барча ўлчамдаги михларни ишлаб чиқаряпмиз. Қувонарлиси, ушбу маҳсулотимизнинг харидорлари кўп. Ундан вилоятимиздаги намунали уй-жойлар қурилишида ҳам кенг фойдаланиляпти. Шунингдек, корхонамизда пардозлаш ишларида қўлланиладиган қурилиш ашёлари ҳам тайёрланмоқда. Эндиликда лок-бўёқ ишлаб чиқариш борасида изланишлар олиб боряпмиз».
Изоҳ (0)