Ўзбекистонда эшитиш қобилияти бузилган болалар кохлеар имплантация бўйича бепул операция қилинади, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Кохлеар имплантация операциялари икки томонлама сенсоневрал эшитиш пастлигининг III-IV даражалари қайд этилган ёки кар бўлган шахсларнинг эшитиш қобилиятини кўп каналли электрод ёрдамида ички қулоққа стимул бериш орқали тиклаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилади.
Бемор болалар учун кохлеар имплантация операциясини ўтказиш ва кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари бепул амалга оширилади.
Кохлеар имплантация операцияси бемор бола 5 ёшга тўлганга қадар ўтказилганда ижобий натижа беришини ҳисобга олиб, бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантатлардан самарали фойдаланиш учун улар 5 ёшга тўлмаган болаларга бепул тақдим этилади.
5 ёшга тўлмаган бемор болаларнинг ота-оналари, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийлари бюджет маблағлари ҳисобига харид қилинган имплантат ҳисобига амалга ошириладиган кохлеар имплантация операциясини ўтказиш бўйича навбатни кутишни истамаган тақдирда, имплантатни ўзлари сотиб олишлари мумкин.
5 ёшга тўлган ва ундан ошган бемор болаларда кохлеар имплантация операцияси ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки ҳомийларнинг истагига кўра ва улар томонидан имплантант сотиб олинган тақдирда ўтказилади.
Ёшидан қатъи назар, менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган бемор болаларда олти ой ичида кохлеар имплантация операцияси ўтказилади ва уларга имплантат бепул асосда тақдим этилади. Бемор бола менингит касаллиги натижасида эшитиш қобилиятини йўқотган вақт унинг касаллик тарихидан кўчирмага асосан аниқланади.
Имплантат фақат битта қулоқ учун бепул тақдим этилади.
Оилада икки ёки ундан ортиқ 5 ёшга тўлмаган бемор бола бўлганда, кохлеар имплантация операциясидан кейинги реабилитация тадбирлари самарадорлигини таъминлаш мақсадида, имплантат бир календар йилда улардан фақат биттасига бепул тақдим этилади.
Изоҳ (0)