Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий йиғилишидаги нутқида баъзи давлатлар Ўзбекистонга ҳавас билан қараётганини қайд этди.
«Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида юз бераётган ташвишли воқеалар, жумладан, бизнинг минтақамизда, ён-атрофимизда кучайиб бораётган хавф-хатарлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар, терроризм, радикализм, наркотрафикнинг тобора авж олаётгани тинчлик ва барқарорликка қандай катта таҳдид туғдираётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Мана шундай тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда биз ҳушёрлик ва сергаклигимизни йўқотмасдан, кимлар бизга хайрихоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини, бугунги ҳаёт, бугунги давр бизнинг олдимизга қандай ўткир талаб ва вазифаларни қўяётганини чуқур англаб, огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшашимиз талаб қилинмоқда.
Мана, собиқ Иттифоқнинг парчаланиб кетганига 23 йилдан ошди. Бир пайтлар унинг таркибида бўлган республикалар аста-секин оёққа туриб, қад ростлаб, мустақил тараққиёт йўлида қадам қўйишга интилмоқда.
Айнан бизнинг Ватанимиз – Ўзбекистонимизни оладиган бўлсак, Яратганга минг бора шукурлар бўлсинким, бугунги кунда, аввало, халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати ҳисобидан эришаётган ютуқ ва марраларимизни дўстларимиз ҳам, мухолифларимиз ҳам тан олмоқда, ислоҳотларимиз самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Баъзи давлатлар, қани, биз ҳам шундай натижаларга эришсак, деб бизга ҳавас билан қараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Шу нуқтаи назардан қараганда, айрим собиқ иттифоқдош республикаларнинг бугунги ривожланиш даражаси ва улар дуч келаётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёти билан солиштирадиган бўлсак, ўртада қандай катта фарқ борлигини яққол кўриш, кузатиш қийин эмас.
Биз тарихан қисқа даврда, ўтган асрнинг 90 йилларида, энг оғир ва таҳликали бир шароитда ортиқча ҳиссиётларга берилмасдан, четдан бўлган турли тазйиқлар ва сохта ваъдаларга учмасдан, Ўзбекистонимиз учун яккаю ягона тўғри, яъни тадрижий, босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаб олганимиз, узоқни кўзлаб, етти ўлчаб бир кесган ҳолда, бошқача айтганда, шошма-шошарликка берилмасдан, «Мен минтақада биринчиман, мен дунёда биринчилар қаторидаман» деган мақтов сўзларни ишлатмасдан туриб, пухта ўйланган вазмин сиёсат олиб борганимизни бугун ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаб бермоқда.
Айнан ана шундай тўғри йўлни танлаганимиз туфайли мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, халқимиз ва келгуси авлодларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт шароитларини яратиш, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш бўйича улкан, айтиш мумкинки, асрларга тенг бўлган йўлни босиб ўтдик», − деди Ўзбекистон Президенти.
Изоҳ (0)