Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг 2000 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида архитектура ва шаҳар қурилишини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам аҳоли учун қулайликлар яратиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада кўп қаватли автомобиль тўхташ жойлари муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, Чорсу мавзесида 658 енгил автомобилга мўлжалланган мана шундай кўп қаватли тўхташ жойларидан бири муваффақиятли фаолият юритмоқда.
«Кўп қаватли автомобиль тўхташ жойларини қуришга доир лойиҳаларни амалга оширишда халқаро тажрибани ўрганиб, имкониятларимизни ҳисобга олмоқдамиз. Шунча автомобилни оддий тўхташ жойларига жойлаштириш учун камида 21 минг квадрат метр ҳудуд зарур бўларди. Мазкур кўп қаватли автомобиль тўхташ жойимиз эса атиги 3,5 минг квадрат метр майдонни эгаллаган», – деди Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Асомиддин Тожиев.
Ушбу автомобиль тўхташ жойи ҳайдовчилар учун қулай бўлиб, ҳар бир қаватга 100 дан ортиқ автомобилни жойлаштириш мумкин. Чет элда фойдаланиладиган айлана пандуслар тизимидан фарқли равишда, бу ерда эни 5,5 метрли пандусли бурама тизим қўлланилган.
Ҳайдовчи автомобилини тўхташ жойига қўйиб, пастга тушиши учун иккита лифт ва тўртта пиёдалар тушиш жойи мавжуд. Энг муҳими, бу ерда хавфсизликка жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бинода туну кун видеокузатув олиб борилади, ҳар бир қават замонавий ўт ўчириш воситалари билан таъминланган. Айни пайтда янги объект мавзенинг умумий архитектураси билан уйғунлаштирилган.
Ўтган йили «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази рўпарасида кўп қаватли автомобиллар тўхташ жойи қурилган эди. Тошкент шаҳрини янада ободонлаштириш жараёнида ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган Олмазор, Учтепа, Миробод туманлари, аэропорт ҳудуди, «Тошкент» вокзали, «Саёҳат» меҳмонхонаси ва «Чилонзор» буюм бозорида кўп қаватли ёки ерости гаражларини қуриш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жорий йилда Қатортол мавзесида автомобиль тўхташ жойининг қурилиши якунланиши, «Қўйлиқ» бозори ёнидаги йўлни кенгайтириш ва бу ерда тўхташ жойи қуриш белгиланган. Бундан ташқари, Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишган жойда ҳайдовчилар ва йўловчилар учун қўшимча қулайлик яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга ёрдам берадиган янги йўл ўтказгич бунёд этилади.
Изоҳ (0)