Урганч шаҳрида замонавий гипермаркет фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Тўмарис-нур» хусусий корхонасига қарашли ушбу йирик савдо мажмуасининг очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларининг эркин фаолият олиб бориши учун қулай шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 мартдаги «Хоразм вилоятида 2013−2015 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ишга туширилган гипермаркетда кенг турдаги юқори сифатли савдо, овқатланиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.
Замонавий дизайн ва кўринишда барпо этилган савдо мажмуаси тўрт қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватида харидор ва мижозлар учун қулайликлар яратилган. Кино заллари, болалар ўйин майдончаси шулар жумласидандир.
Гипермаркетнинг ишга туширилиши билан бир юз элликка яқин аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг олтмиш фоизи касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
«Янги йил байрами арафасида очилган ушбу савдо мажмуаси шаҳримиз аҳли учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Бу ерда сотувчи ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитга ҳавас қилса арзийди. Савдо бўлимларидаги тўкинликдан кўз қувнайди. Аҳолига қулайлик яратиш, фаровонлигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратаётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз», – деди меҳнат фахрийси Зайнаб Худойберганова.
Гипермаркетда қандолатчилик, нон маҳсулотлари ва тикувчилик цехлари ҳам иш бошлади.
Мажмуанинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)