Марказий сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва сайлов округларида ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида сайланган депутатлар рўйхатга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўринбосари С. Артикова маълум қилди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 та сайлов округидан 127 тасида битта депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди.
Марказий сайлов комиссияси ўринбосарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйича сайловчилар рўйхатига 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг фамилияси киритилиб, сайловда 18 миллион 490 минг 245 нафар ёки сайловчиларнинг 88,94 фоизи қатнашган.
Овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 21 декабрь куни Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати сайланди.
Маълум бўлишича, сайланган депутатлар орасида иқтисодиёт соҳаси вакиллари 31 кишини, ҳуқуқшунослар 33 нафар ва таълим соҳаси вакиллари 26 кишини ташкил этган бўлса, ишлаб чиқариш соҳасидан 21 киши, тиббиёт соҳасидан 7 нафар, жамоат ташкилотларидан 3 нафар, бошқа соҳа вакилларидан эса 7 киши депутатликка сайланган.
Изоҳ (0)