АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳридаги Жорж Вашингтон номидаги университетнинг Л. Эллиот номидаги Халқаро муносабатлар мактабида 1969 йил таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи асосида «Ўзбекфильм» киностудиясида тасвирга олинган «Ўтган кунлар» бадиий фильми намойиш этилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Ушбу фильм ўзбек кино санъатига бағишлаб ўтказилган тадбирда кўрсатилди, дейилади хабарда. Маълум қилинишича, «бундай тадбир АҚШ аҳолисини ўзбек халқининг тарихий мероси, маданий-маънавий қадриятлари билан яхшилаб таништириш мақсадида ўтказилмоқда».
«Ушбу картина ўзбек мумтоз киносининг ажойиб намуналаридан биридир. Ўзбек кинематографиясига фильмлар мавзулари ранг-баранглиги, жанрлар ва йўналишлар кўплиги хосдир», — деди тадбирда нутқ сўзлаган Л. Эллиот номидаги Халқаро муносабатлар мактабининг Марказий Осиё дастури директори М. Лорел.
Бундан ташқари, М. Лорел Ўзбекистонда кино санъати жадал ривожланиб бораётгани ва ушбу йўналишда ҳукумат қўрсатаётган кўмак муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Қайд этилишича, келаси йили Вашингтон шаҳрида «Ўзбек киноси ҳафталиги»ни ўтказишга қизиқиш билдирган Америка томони мазкур тадбирга Ўзбекистоннинг машҳур киноижодкорларини таклиф қилишни мўлжалламоқда.
Изоҳ (0)