Хитойлик мултимиллионер Сюн Шуйхуа ўз она қишлоғидаги барча уйларни ер билан текислаб, уларнинг ўрнига янги шаҳар барпо этди, деб хабар бермоқда «Nur.kz».
Қурилиш бизнеси билан шуғулланувчи миллионер болалигида ҳамқишлоқлари кўрсатган меҳр-оқибатга миннатдорчилик тариқасида Хитой жанубида жойлашган она қишлоғи Сионкенгдаги барча кулбаларни бутунлай бузиб ташлаб, ўрнига бутун бошли шаҳар барпо этди.
Янги уйларга кўчиб ўтган 72 оила Сюнга ўз миннатдорчиликларини қай тарзда билдиришни билмай қолгани қайд этилган.
Миллионер ва унинг оиласига яқинроқ бўлган 18 оилага эса у ҳар бирининг қиймати 4 миллион фунт стерлингдан бўлган виллаларни совға қилган.
Шунингдек, қариялар ва камбағаллар учун Сюн ҳар куни уч маҳал бепул овқат ташкиллаштириб берган.
Сюннинг сўзларига кўра, у шунчалик кўп пул топганидан маблағини қаерга сарфлашни билмай қолган. Шунда харобага айланиб қолган она қишлоғига кўзи тушган ва айнан шу ерга сармоя тикишга қарор қилган.
Миллионернинг айтишича, бу унинг ҳаётидаги энг муваффақиятли киритилган сармоя бўлиб, бу ишдан унинг ўзи ғоят хурсанд бўлган. «Мен ҳар доим ўз қарзларимни тўлаб ўрганганман. Менга ва оиламга ёрдам берган инсонлар ҳам бунинг ўрнига нимадир олганларидан жуда ҳам мамнунман», − деди Сюн.
Изоҳ (0)