Жанубий кореялик олима О Ин Кёнг «Алпомиш» ва «Жумонг» достонлари материаллари асосида ўзбек ва корейс қаҳрамонлик эпослари қиёсий таҳлилига бағишланган докторлик диссертациясини ёқлади, деб хабар бермоқда «12news.uz».
Диссертация ҳимояси ўзбек тилида ўтказилган. Қайд этилишича, ушбу диссертация Ўзбекистонда илмий даражалар тизими қайта ташкиллаштирилганидан кейин гуманитар фанлар соҳасида ёқланган илк илмий иш бўлган. О Ин Кёнг Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти докторантига айланди.
Сеулдаги Донгук аёллар университетида профессор сифатида фаолият кўрсатадиган олима бунгача Истанбул университетида диссертациясини ҳимоя қилиб PhD профессор унвонини олишга улгурган. 2010 йилдан буён филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев ҳозирги диссертацияси устида ишлаб келган олиманинг диссертацияси фандан ташқари ўзбек ва корейс халқларининг яқинлашуви учун ҳам аҳамиятли эканлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)